Уйдаги ишни ким қилади? | «Тарбия сандиғи», Ҳ.Мирсултонова

Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан.


Соҳибжон – икки қиздан кейин туғилган ўғил. Унинг кичкина укаси ҳам бор, энди иккига тўлади. Икки опаси уй ишларини дўндиради. Бироқ Соҳибжонга ҳам иш йўқ эмас. Кези келса, ҳовлини ҳам супуради, укасига ҳам қарайди. Хуллас, қўлидан нима келса, қилиб кетаверади. Буни онам қилиши керак, бу қизларнинг иши деб ўтирмайди. Вақт топиб бирров кўчага ҳам чиқади. Футболга ҳам вақт топади.
Бугун икки опаси аммасиникига кетишган. Онаси эса овқат пиширяпти. Укасини аравачага солиб, Соҳибжон ҳовли супуряпти. Дарвозахонага сув сепаётганида ташқаридан ҳар хил овозлар эшитилди. Қўнғироқ тугмаси босилди. Соҳибжон супургисини қўлида тутганича эшикка югурди. Дўстлари Козим ва Тоҳир.
– Соҳиб, яхшимисан? Юр, футбол ўйнаймиз, – деди Козим дўстининг ўзи эшикни очганидан хурсанд бўлиб.
– Бирпас туриб чиқаман, ҳозир супуряпман. Озгина қолди, – Соҳибжон қўлидаги супургига ишора қилиб ортга бурилди.
– Ўзинг супурасанми? Ташла-е, қизларнинг иши-ку бу! – деди Тоҳир қўлини пахса қилиб.
– Ҳозир опаларим уйдамас. Укамга қарайдиган одам ҳам йўқ. Ойим бир ўзи қийналади… Бирпас туриб чиқаман дедим-ку, – деди Соҳибжон бироз уялиб.
– Ваҳ-эй, сен ҳали болага ҳам қарайсанми? Тап-тайёр уй бекаси экансан-у.
Соҳибжоннинг юзи қизарди. Нима дейишини билмади. Козимга қаради. Козим ҳам вазиятни сезди, шекилли, «Бўпти, чиқсанг, ўйнаймиз», – деди ва узуқ-юлуқ хайрлашиб Тоҳирни бир кўча наридаги майдончага олиб кетди.
Соҳибжон эшикни қулфлади. Қўлидаги супургини ташлади. Укасининг олдига борди. Уни опичлаб ошхонага кирди.
– Ойи, айвонни супурдим, дарвозахонани опамлар келса супурар, – деб кўрпачага ўтирди.
Онаси: «Соҳибжоннинг қорни очди… Чарчади», – деб унга чой тайёрлади. Қўлидан болани олиб, ўғлига тушгача иш буюрмади. Қизларининг йўқлиги онага панд берди. Уй ишларининг охири кўринмас, ўзи эса ёш боласи билан силласи қуриётган эди.
– Соҳибжон, болам. Ичкаридан кичкина кўрпачани олиб чиқиб бер.
Соҳибжон кўрпачани истар-истамас кўтариб чиқди. Ўғлининг ҳануз ранги очилмаганини кўрган онанинг капалаги учди. «Бирор еринг оғримаяптими?» – деб унинг пешонасини ушлади. Тузук… Она Соҳибжонни саволга кўмиб ташлади. Соҳибжон охири ёрилди.
– Ойи, шу қизлар қиладиган ишларни қилмасам майлими? Боя дўстларим кулиб кетишди. «Ҳовлиям супурасанми?», – дейишди. Менга ўғил болалар қиладиган ишни айтинг, – унинг гапида ҳам араз, ҳам қатъийлик бор эди.
Она гап нимадалигини билиб бироз ўйланиб қолди. Ўғлининг дўстлари ёнида уялгани учун ўзини айбдор сезди…
Соҳибжоннинг отаси ишдан қайтди. Овқатланиб бўлгач, бўлган воқеани эшитди. Кеч кириб қолганига қарамай, «Тоҳир билан Козимни чақир. Келишсин. Боғимиздаги узумдан бир челакдан олишсин», – деб Соҳибжонни болаларникига жўнатди. Болалар келиб, узум узишаётганда уларни Аваз ака саволга тутди:
– Хўш, йигитчалар! Қайси бирингиз овқат тайёрлашни биласиз?
– Мен, – деди Козим узумни челакка солаётиб.
– Сен-чи, ўғлим? – деди Тоҳирга юзланиб.
– Амаки, бу қизларнинг иши-ку, – деди Тоҳир нарвондан бир поғона тепага кўтарилиб.
– Мисол учун, ойинг касал бўлиб қолса, овқатни ким қилади? – деди Аваз ака Тоҳирга яхшилаб тикилиб.
– Билмасам, ўзлари қилаверадилар, – деди Тоҳир пастга қарамай.
– Ие, ўғлим. Овқат қилишни ҳам ўрганиб қўй. Қиз боланинг иши бу, ўғил боланинг иши бу деган нарса йўқ. Фақат оғир юк кўтаришдан ташқари, – деди Аваз ака ерга тушган узум доналарини идишга солиб. – Мен ҳам, оталарингиз ҳам ҳарбий хизматга борганмиз. Эҳ-ҳе, у ерларда овқат ҳам қилганмиз, кир ҳам ювганмиз… Хуллас, тўрт мучаси соғ одам қила оладиган ҳамма ишни қилардик. Лекин аёл киши бўлиб қайтмадик! Машқлар қилиб, ҳақиқий эр йигит бўлиб қайтдик, – деди Аваз ака мийиғида кулиб. – Бир дўстим бўларди. Узум узиб ўтирсам, олдимга келиб: «Қизларнинг ишини қиляпсанми?» – деб устимдан куларди. Шу-шу анча пайт узум узмадим. Уялдим-да! Кейинроқ ўйлаб қарасам, ишнинг жинси йўғакан. Тўғрими гапим? Мана, сизлар ҳам узяпсизлар-ку! – деди Аваз ака қулочини кенг ёйиб.
Тоҳир ҳам, Козим ҳам эрталабки воқеани эслатди, шекилли, ерга қарашди. Иккиси ҳам ишдан тўхтаб қолишди.
– Амаки, менга етади. Ҳам кеч бўлиб қолди. Раҳмат, – деди Козим узган узумига ишора қилиб.
– Менга ҳам бўлади. Раҳмат, – деди Тоҳир ҳам нарвондан пастга тушиб.
Аваз ака йигитчалар хатоларини тушунишганини юз-кўзларидан билиб олди. Ва вазиятни юмшатиш учун:
– Тоҳир, Козим, ўғилларим, – деб болаларга яқинроқ борди. – Сизлар Соҳибжоннинг яқин дўстлари58
сиз. Вақт топиб яна келинглар-а узум узишга. Дадангларга салом айтинглар, – деб Аваз ака уларни бағрига босди.
Айб қидириб ўзгадан бўламиз масрур,
Билиб-билмай деймиз: «Меники маъқул».
Ўйланг кечиримга бўлмайин мажбур,
Балки, хато сизда, уники мақбул.

«Тарбия сандиғи», Ҳ.Мирсултонова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *